Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида яна бир мустақиллик иншооти –туман қурилиш бўлими биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бундан бир неча йиллар аввал туман қурилиш бўлимининг ўзига тегишли маъмурий биноси йўқлиги сабабли, бошқа ташкилот ва хусусий тадбиркорларга қарашли бўлган жойларда фаолиятини олиб бораётган эди. Бу ўз навбатида соҳа ходимлари иш унумига жиддий тарзда таъсир кўрсатаётганди.

Мана бугун туман ҳокимлиги, вилоят қурилиш бош бошқармаси ташаббуси билан янги лойиҳалар асосида бўлим ички имкониятлари ҳисобидан 235 миллион сўм маблағ эвазига соҳа ходимлари учун замонавий типдаги гўзал ва муҳташам, барча қулайликларга эга бўлган бино қуриб, фойдаланишга топширилди.

Мазкур бинонинг ишга туширилиши янги инновацион лойиҳалар яратилишига ва уни ҳаётга изчил тадбиқ этилишига, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайликлар яратишда муҳим аҳамият касб этиши баробарида, мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрамига муносиб совға бўлди.

Туман қурилиш бўлими биносининг очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокими Садритдин Мўминов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султоновлар юртимизда қурилиш соҳасига берилаётган юксак эътиборга батафсил тўхталиб, бўлим ходимларини фойдаланишга топширилган янги бино билан табрикладилар. Бўлим бошлиғи Улуғбек Холматовга Ўзбекистон Республикаси Қурилишвазирининг фахрий ёрлиғини топширдилар. Тадбирда вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Ниёзов ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.