Иссиқхоналарда салат барги етиштириш бўйича тавсиялар Салат ўсимлиги илитилган ерларда ва иссиқхоналарда етиштирилади. Иссиқхоналарда кўкат-сабзавотлар асосий экинлар (бодринг ва помидор) экилгунга қадар ёки асосий экин тугагач, эрта баҳорда ёки кеч кузда экиб етиштирилади. Чунки қиммат турувчи иссиқхоналарни кўкат-сабзавотлар билан банд қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Айрим вақтда тезпишар бир йиллик кўкатларни иссиқхоналарда асосий экинларга (бодринг ва помидорга) зичлаштириб экиладиган экин сифатида ҳам етиштириш мумкин. Бунда уларнинг уруғи ёки кўчати асосий экин экилишидан бир неча кун илгари экилиб, 25-30 кун давомида етиштирилади. Ҳароратга муносабати Салат барги – совуққа чидамли ўсимлик. У +5°С ҳароратда ҳам ўсади, аммо унинг яхши ўсиши ва ривожланиши учун мақбул ҳарорат +15 – +20 °С дир. Бошчалар +12 – +14 °С да етиштирилганда анча зич бўлади. Ўсимлик совуққа чидамли. Унинг совуққа чидамсизроқ навларининг тўп барглар шаклланиш фазасида ҳам -5-7 °С каби паст ҳароратга бардош бера олади. Турли навларнинг совуққа чидамлилиги бир хил эмас. Айрим навлар очиқ ерда қишни ўтказиши мумкин, айримлари ўтказа олмайди. Салатнинг айрим навлари уруғи юқори ҳароратда (+25 – +28 °С дан юқори) униб чиқмаслиги ҳам мумкин. Шу боис уруғ экилганда совуқ сув билан суғориш керак. Уни экинлар билан зичлаштириб экилганда ёруғлик кам тушадиган бўлса, бошлар ҳосил бўлмайди. Тупроқ шароити Салат тупроқ ва ҳаво намлигига талабчан, лекин меъёридаги намлик мақбул ҳисобланади. Меъёридан ошиқ намлик ҳам зарарли, бунда пастки барглари чириб, айрим касалликлар ривожланади. Бу эса ҳосилнинг камайишига олиб келади. У тупроқ унумдорлигига талабчан. Чунки тез ўсади, унинг ўсиш даври қисқа, илдиз тизими эсаунча ривожланмайди. Уни чуқур, намни ўзлаштирувчи, юмшоқ, органик моддаларга бой, озиқ моддаларни енгил ўзлаштирадиган қумлоқ тупроқларда етиштириш яхшироқ. Гумусга бой тупроқларда салатни минерал ўғитлар билан озиқлантирилса, айниқса, азотли ўғитларни бериш жуда самарали натижа беради. Салатни битта далага кетма-кет экиш яхши эмас. Такроран яна ўша далага экилса, касаллик ва зараркунандалари кўпайиб кетади. Уни помидор, қовоқдошлар оиласи, ширин жўхори, лавлаги ва сабзи каби сабзавотлар билан алмашлаб экиш мумкин. Экиш муддати ва усуллари Ўзбекистонда салат баргининг 3-5 та ҳақиқий барг чиқарган, 20-25 кунлик кўчати асосий жойга, яъни иссиқхоналарга февраль ва апрель ойларида экиб етиштирилади. Парникларда эса у март-июнь ойларида экиб етиштирилади. Енгил плёнкали қурилмаларда қиш олди ва эрта баҳор даврларида экиб ўстирилади. Парникларда баргли салатни навларига қараб 10×10, 15×15 ва 20×20 см масофада экилади. Иссиқхоналарда 4-5 қаторли кичик эгатларга, эгатлар орасини 15-20 см, қаторда ўсимликлар орасини 10-15 см қилиб экилади. Баргли салатнинг Ўзбекистонда Крупнокочанный, Коҳшоҳ, Фиоретт навлари, Конкорд F1, Лагунас F1, Левистро F1, Саула F1, Хрустящий F1, Айсберг F1 каби дурагайлари экилади. Ромэн – салатини Амплюс Примавера, Аттрокцион, Баллон, Плена, Великие озеро, Зелёный круглый каби нав намуналари иссиқхоналарда етиштириш учун тавсия этилган. Парваришлаш Ўсимликларни парваришлаш суғориш, озиқлантириш, эгатлар орасини юмшатиш, бегона ўтларни юлиш ва ягана қилишдан иборат. Салатни камроқ, аммо катта меъёрда суғориш (1 м2 га 2-3 л ҳар 5-7 кунда) керак. Шундан сўнг иншоотни шамоллатиш зарур. Чунки меъёридан ошиқ намгарчилик ўсимликларнинг замбуруғ касалликлари билан зарарланишига олиб келади. Тупроқ намлиги 70-80%, ҳаво намлиги – 60-70% бўлиши керак. Суғорилгандан сўнг, ўсимликлар бир-бирига туташиб кетмасдан эгатлар ораси юмшатилиши зарур. Ўсимлик азотли ва калийли ўғитлар билан икки маротаба озиқлантирилади. Наманган вилоят Ўсимликлар карантини ва химояси бошқармаси инспетори: М.Алиев