Ерларни кузда шудгорлаш бўйича тавсиялар Экинлардан мўл ҳосил етиштиришда кузги шудгорнинг аҳамияти катта. Ота-боболаримиз “Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда”, деб бекорга айтишмаган. Зеро, сифатли ўтказилган кузги шудгор келгуси йил ҳосилига пухта замин яратади.Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор ва плуглар олдиндан ишга шай ҳолга келтирилиши ва созланиши, далалар эса ҳайдовга тайёрланган бўлиши лозим.Ҳайдовни ташкил этиш Ерларни ПД-4-45, ПНЯ-4+1-45, ПН-4-45, ПЛН-5-35 каби бир томонга ағдарадиган плуглар билан ҳайдашдан олдин дала кенглиги 40–50 метрли бўлакларга бўлинади ва ҳар қайси бўлакда агрегатнинг иш йўли белгилаб чиқилади. Бўлаклар ичкарига ёки ташқарига ағдариб ҳайдалиши мумкин.

Ичкарига ағдариб ҳайдашда шудгорлаш бўлакнинг ўртасидан бошланиб, даланинг охирига етганда плуг ўнг томонга бурилади ва тупроқ биринчи ҳайдалган томонга ағдарилади. Бўлакнинг ўртасида марза (пушта) ҳосил бўлади.Кейинги ҳайдашлар шу йўсинда давом эттирилиб, тупроқ ҳамма вақт пушта томонга ағдарилади. Ташқарига ағдариб ҳайдашда плуг бўлакнинг ўнг чеккасидан бошлаб, охирига етганда чапга айланади ва бўлакнинг чап чеккасини ҳайдашни давом эттиради. Шу тариқа агрегат бўлак ўртасига яқинлашади ва эгат ҳосил бўлади. Ичкарига ағдариб ҳайдаш учун агрегатнинг биринчи ўтишида плугнинг биринчи корпуси дала юзасига сирпаниб юрадиган, охирги корпуси эса белгиланган чуқурликда ишлайдиган қилиб ростланади.Бедапоялар икки ярусли плугларда 35–40 см чуқурликда ҳайдалиши даркор. Бунда беданинг баҳорда кўклаб кетишининг олдини олиш учун плугнинг юқори ярус корпусларига қамраш кенглиги 200 мм бўлган махсус чап кесувчи пичоқлар ўрнатиш керак ёки ҳайдовдан олдин бедапояларга ағдаргичлари олиб ташланган плуглар билан юза ишлов берилиши лозим.Шудгор сифатини назорат қилиш Плугнинг иш сифатини белгиловчи агротехник талаблар орасида ҳайдаш чуқурлиги ва унинг бир текисда бўлиши ҳамда бегона ўтлар, уларнинг уруғи ва илдизларини кўмилиш чуқурлиги муҳим ҳисобланади. Чуқурлик эгат ўлчагич ёки оддий чизғич билан аниқланади. Бунинг учун плугнинг охирги корпуси қолдирган эгат чуқурлиги 25 жойдан ўлчанади. Кейин ҳамма ўлчов кўрсаткичлари қўшилиб, ўртача кўрсаткич аниқланади. Сифатли ҳайдалган ерларда ҳайдаш чуқурлиги агроном томонидан ўрнатилган кўрсаткичдан + 2 см. дан ортиқ бўлмаслиги керак. Бегона ўтларни кўмилиш чуқурлиги ҳам даланинг 25 жойидан ҳайдалган ерни ковлаб ва шудгор юзасидан бегона ўт ётган жойгача бўлган масофа ўлчаб аниқланади. Ўртача кўрсаткич икки ярусли плугларда 20, умумий ишларга мўлжалланган плугларда эса 10 см. дан кам бўлмаслиги лозим. Шуни айтиб ўтиш керакки, ерларни узоқ йиллар мобайнида бир хил чуқурликда ҳайдаб топталиши тупроқнинг зичланиб кетишига олиб келади. Бу ўсимликлар ҳаво ва озуқа режимининг бузилиши ҳамда ҳосилнинг камайишига сабаб бўлади. Шунинг учун барча далалар 2-3 йилда бир марта 50-55 см чуқурликка юмшатилиши лозим. Наманган Вилоят Ўсимликлар карантини ва химояси бошқармаси инспетори: М.Абдумуталов