Наманган туманида Мустақиллик байрами арафасида Тепа қиёт МФЙ биноси фойдаланишга топширилди
Бугун аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига ҳисса қўшишда маҳалла фуқаролар йиғинлари муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларига янада қулайликлар яратиш мақсадида бугун Наманган тумани “Тепа қиёт” маҳалла фуқаролар йиғини биноси маҳалладаги саҳоватпеша тадбиркорлар ва ҳомийлар томонидан янгидан қуриб, фойдаланишга топширилди.
Маҳалла биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Садритдин Мўминов, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирок этди.
Янги қурилган маҳалла биносида маҳалла раиси, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар-бири замонавий моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган.