Ғўзани дефолиация ва десикация қилиш муддатини, меъёрини аниқлаш Дефолиация қилингандан 12-13 кун кейин очилган кўсаклар сони одатдагидан 20-25% ортиқ бўлади. Ғўзани дефолиация қилинганда биринчи навга топшириладиган пахта миқдори 4-5 % ортади, толанинг ифлосланиши анча камаяди, пахта териш машиналарининг иш унуми 20-25% га ошади, маҳсулот таннархи анча арзонлашади ва йиғим-терим муддати бир мунча қисқаради. Юқори ҳосилли далаларда пахта 2 марта териб олингандан кейин яхши етилмаган кўк кўсаклар қолади. Бу ҳол кўпинча куз салқин келиб, тупроқда нам кўп бўлганда рўй беради. Бундай пайтларда кўсак ва кўракларни очилишини тезлатиш ва қолган ҳосилни қисқа муддатда йиғиб-териб олиш мақсадида ғўзани тупи қуритилади (десикация). Ғўза тупи қуритилганда ўсимликнинг ҳаёти бутунлай тўхтайди, унинг ўсув органлари ва пишиб етилмаган кўсаклари ҳам тезда қуриб қолади. Натижада кўсак чаноқлари сувсизланиб, ғўза тупи қуритилган ўсимликларда қуритилмаган ўсимликлардагига қараганда тезроқ очилади.
Ғўза баргини тўкиш ва ўсимликни қуритиш пахта ҳосилини қисқа муддат ичида 15-20 чи октябргача йиғиб-териб олиш ва кетма-кет кузги-қишки дала ишларини бошлаб юбориб, келгуси йил мўл ҳосили учун замин тайёрлашда муҳим агротехникавий тадбирлардан ҳисобланади. Дефолиантлар барг хужайраларига сингиб кириб уни модда алмашишини ўзгартириб, барг бандини қўлтиғида ажратувчи қатлам ҳосил қилиб, 10-12 кун давомида 80-90 % ҳатто 100 % гача баргларни тўкади. Дефолиантлар кимёвий тузилишига қараб ғўза баргига юмшоқ, ўртача ва кучли таьсир этувчи препаратларга бўлинади. Юмшоқ таьсир этувчи дефолиантлар ғўза баргларини қуритмай кўк ҳолида тўкилади. Мақбул муддатда ишлатилганда ҳосилга салбий таьсир қилмайди. Ўртача таьсир этувчи дефолиантлар таьсирида барг шапалоғини ярми қуриган ҳолда тўкилади. Кучли таьсир этувчи дефолиантлар таьсирида ғўзага дефолиантлар сепилгандан кейин 3-5 кун ичида барг ҳужайралари сувсизланиб қуриб қолади ва тўкилиш кам бўлади. Дефолиантлар муддатидан эрта ишлатилганда кучли таьсир қилувчи дефолиантлар таьсирида барглар тез қуриб қолади ва барглардан етилаётган ёш кўсакларга органик моддаларни оқиб келиши барвакт тўхтаб қолиши натижасида ёш кўсакларни чигити ва толани сифатига салбий таьсир кўрсатади. Дефолиантларни муддатидан эрта ишлатилса ғўзани ҳосили камайиб ва сифати пасаяди, кеч ишлатилса ғўза барглари қариб ва ҳавони ҳарорати пасайиб кетиши (+17 °С дан паст) натижасида дефолиантлар ғўза баргларига ёмон таьсир этади ва баргларни тўкилиши кам бўлади. Шунинг учун дефолиантларни қулай муддатда ишлатиш лозим. Дефолиация ўтказишни қулай муддати ўрта толали ғўзаларда 35-40%, ингичка толали ғўзаларда эса 50 % кўсак очилганда ҳисобланади. Уруғи олинадиган ўрта толали ғўзаларни 60%, ингичка толали ғўзаларни 70 % кўсаги очилганда барги тўктирилади. Дефолиантларнинг самарадорлиги кўп жихатдан ташқи муҳит шароитига боғлиқдир. Ғўза серҳосил бўлиб етилган майдонларда ўсимлик сербарг бўлганлигидан кўсакларнинг очилиши кечроқ бошланиши мумкин. Бундай ҳол ғўзага катта нормада азотли ўғит ва сув берилиши сабаб бўлади. Бундай ғўзаларга дефолиантлар ишлатилганда ғўза барглари тушиши анча қийин бўлади. Чунки ғўза сербарг ва бўйчан бўлгани учун дефолиантларни таьсири кам бўлади. Натижада ғўза тупларини юқори қисмидаги барглар тўкилиб, пастки ва ички конусдаги барглар тўкилмай қолади. Бундай пайтларда ғўзага биринчи марта дефолиантлар сепилгандан кейин 5-7 кун ўтгач дефолиантлар қайта сепилади. Қайта дефолиант сепилганда бошқа препарат ёки биринчи ишлатилган кимёвий моддани миқдорини 10-15% кўпроқ ишлатилади. Дефолиантларни ғўза баргларига яхши таьсир қилишда ҳавони ҳарорати катта таьсир қилиши учун ҳавони ўртача суткалик ҳарорати +18 °С дан кам бўлмаслиги керак. Наманган вилояти Ўсимликлар карантин ва химояси бошкармаси Наманган туман инеспектори: Э.Куконбоев