Деҳқонларимизнинг йил бўйи қилган шижоатли меҳнатлари эвазига етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мавсумига ҳам саноқли кунлар қолди. Ана шу саноат хом-ашёсининг мўл ва сифатли бўлиши кўп жиҳатдан муҳим агротехник тадбир – дефолиацияга боғлиқ.

Бу йил туманда 5550 гектар пахта майдони бўлиб, унинг 4927 гектари дефолиация қилинади.Мазкур тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 8 та отряд тузилган бўлиб, унинг таркибига туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи, агроинспекциянинг туман бўлими раҳбаридан иборат соҳа мутахассислари, ММТП, СИУ раислари киритилган. 22 та ОВХ пуркагич, 8 та қўл аппарати, 4 та ишчи эритма ташиш техникаси дефолиацияга жалб қилинган. Дефолиация қилиш муддати 2021 йил 5 сентябрдан 14 сентябргача белгиланган.

Шу йил 18 август куни “Зарбдор” ММТП ҳудудидаги “Ғофуржон ота-ОЭФ” фермер хўжалигида ғўзани сифатли дефолиация қилиш, ташкил этилган отрядлар, назоратчи агрономлар, мутахассислар ишчи ва механизаторлар масъулиятини янада кучайтириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига бағишланган вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди.

Семинарда вилоятдаги барча туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиқлари, соҳа ходимлари, тегишли ташкилотларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир қатнашчиларига вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув ва хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Анваржон Ҳакимов, вилоят ўсимликларни ҳимоя қилиш маркази директори ўринбосари Алижон Жўраев, вилоят “Агросервис МТП” МЧЖ бошлиғи Ортиқмат Мамадумаровлар тегишли йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бердилар. Дефолиация қилишнинг мақбул муддатлари ва галдаги вазифалар белгилаб олинди.