НАМАНГАН ТУМАНИДА ҒАЛЛА ЎРИМИГА СТАРТ БЕРИЛДИ!
Наманган тумани ғаллакорлари бу йил 5160 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, қабул пунктларига ҳар қачонгидан ҳам мўл, сара дон етказиб бериш учун астойдил меҳнат қилмоқдалар.
Бугун ана шу фидокорона меҳнат самараси туфайли ғалла майдонларида мўл ҳосил етиштирилди. Эндиги навбат ўрим-йиғимни уюшқоқлик билан ўтказишдан иборат. Бу муҳим агротехник тадбирга 20 та юқори унумли ўрим комбайнлари ҳамда ҳар битта отрядга 5 тадан юк ташиш машинаси, кўчма дам олиш хонаси, зарур қишлоқ хўжалик техникалари, техник хизмат кўрсатиш устахонаси, ёқилғи таъминотчиси, сомон йиғиш механизмлари жалб этилган. Ўрим-йиғим ишлари ҳар йилгидек отряд тизимида олиб борилади. Туманда 20 та отряд тузилган бўлиб, унинг таркибига отряд раҳбари, ҳисобчи, ички ишлар бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси, ер тузиш ва кадастр хизмати ходимлари, 2 нафардан комбайн оператори ва бошқа масъул мутахассислар бириктирилган.
Туман ҳокимлиги томонидан ўрим-йиғимни тезлаштириш, нобудгарчиликсиз ўтказишни таъминлаш, комбайн операторлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Отряд аъзоларининг унумли меҳнат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган.
Шу йил 8 июнь куни туманда ғалла ўрим-йиғими бошланганлиги муносабати билан “Етти булоқ” чойхонасида туман ҳокими, ММТП раислари, кластер корхонаси бошлиқлари, фермерлар, комбайнчилар, нуроний отахонлар иштирокида бир пиёла чой устида эҳсон тадбири ўтказилди. Оқсоқоллар етиштирилган ҳосилга барака, отряд аъзолари ишига муваффақият тилаб, ўрим-йиғимга оқ фотиҳа бердилар.
Шундан сўнг Гулдиров ММТП ҳудудида жойлашган “Тошбулоқ текс” масъулияти чекланган жамияти кластерига қарашли 15 гектарлик майдондаги чиллаки навли ғаллани ўриб-йиғиб олишга киришилди.




