Янги технологияларни қўллаш орқали юқори ҳосилдорликка эришилади

Мамлакатимиз Президентининг “Пахта хомашёсини  етиштириш ва сотишда бозор механизмларини қўллашни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисда”ги Фармони билан пахта етиштиришда янги тартиб жорий қилинди. Бу энг биринчи навбатда фермерлар учун бир қатор имконият ва имтиёзлар беради.

Пахта экин майдонлари қисқариб бораётган бир пайтда юқори ҳосилдорликни таъминловчи, ҳашаротларга чидамли янги навларни танлаб экиш ва уларни оммалаштириш мақсадга мувофиқ. Шу нуқтаи назардан жорий йилдан бошлаб Наманган туманида 3 минг гектар майдонда тажриба тариқасида Хитой технологияси асосида плёнка остига чигит экилиши режалаштирилган. Бунинг ўзига хослиги шундаки, чигит экиш, плёнка тўшаш ва томчилатиб суғориш учун шланг ётқизиш ишлари замонавий техника ёрдамида бир вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Бугун тумандаги “Тошбулоқ текс” кластер дала майдонида “Хитой технологияси асосида чигит экишнинг афзалликлари” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинар давомида мутахассислар томонидан Хитой технологиясини қўллашнинг афзалликлари ҳақида батафсил маълумот ва илмий асосланган тавсиялар берилди. Қатнашчилар экиш жараёнларини ҳам кузатиб борди.

Семинарда Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди ҳамда  мўл, эртаги ва сифатли ҳосил етиштириш учун  шу кунларда чигит экишга киришиш ва бунинг учун барча чора-тадбирларни кўриш зурурлигини таъкидлади.