Карам етиштириш бўйича тавсиялар

Карам совуққа чидамли ўсимлик. Карамни яхши ўсиб ривожланиши учун ўртача ҳарорат 15-18°С бўгани маъқул. Шунинг учун у эрта баҳорда барча сабзавотлардан олдин экилади. Навлари. Ўзбекистонда ниҳоллар униб чиққанидан 100-115 кундан сўнг ёки кўчати далага ўтказилгандан 55-60 кун ўтгандан сўнг пишадиган тезпишар “Биринчи номер Грибовский 147”, “Июнская”, “Наврўз” навлари туманлаштирилган. Ўртапишар “Тошкент-10” ва “Саратон” навлари кўчати экилганидан 75-80 кундан сўнг карамбоши истеъмолга яроқли бўлади. “Ўзбекистон судьяси”, “Ўзбекистон 133” ва “Шарқия-2” навлари кечпишар бўлиб, ҳосили кўчат экилгандан 85-95 кун ўтгандан сўнг етилади. Кўчат экиш. Республиканинг марказий минтақаларида карамнинг тезпишар навлари феврал охири март ойининг бошларида кўчат билан экилади. Ўртапишар навлар эса кўчат билан апрел охири май ойини бошланишида экилади, уруғини очиқ далага экиб етиштириш режалаштирилган бўлса, унда карам уруғи март охири апрел бошида экилиши керак. Кечки карам июн охири июл ойининг бошланишида кўчат билан экилади. Карам қатор ораси 70 см бўлган эгатларга экилади. Эртапишар навлар қатордаги ўсимликлар оралиғи 25-30 см, ўртапишарлар 40 см ва кечпишарлари эса 45-50 см масофага экилади.

Карамни парваришлаш. Карам экилганидан 4-5 кундан сўнг ҳато жойлари қайта экилиб тўлдирилади. Кўчат экилганидан 10-15 кундан сўнг қатор ораси культивация қилиб енгил чопилади ва озиқлантирилади, сўнг суғорилади. Икки маротаба суғорилгандан сўнг кўчат экилганидан 20-25 кундан сўнг иккинчи маротаба комплекс ишлов берилади. Кечки карам эртаги карамга нисбатан 1-2 маротаба кўп культивация қилинади ва озиқлантирилади. Эртаги карамни ўсув даврида 5-9 маротаба суғорилиши керак. Кечки карам ўсув даврида ер ости суви юза ёки чуқур жойлашишига кўра 7-9 ва 12-13 маротаба суғорилади.

 

Наманган вилояти Ўсимликлар карантин                                                                                                                                           ва химояси бошкармаси Наманган туман инеспектори:                  Кодиров Гуломжон