Яхоб суви бериш қандай жараён?
Яхоб бериш – экин майдонида нам захирасини ҳосил қилиш ва экиннинг нормал ривожланиши учун шароит яратиш мақсадида ҳайдалма ерларни ва боғларни қишда, эрта баҳорда, ҳамда ёз ва кузда ҳосиллар йиғиб олингандан кейинги суғориш жараёнидир.
Қишки ва баҳорги яхоб бериш ёғин миқдори етарли бўлмаган (йилига 250 мм дан кам) ҳудудларда кўпроқ қўлланилади. Яхоб грунт сувлари 3 м дан чуқур жойлашган автоморф тупроқларда яхшироқ самара беради. Турли даражада шўрланган гидроморф тупроқларда яхоб бериш шўр ювиш вазифасини бажаради.
Енгил ва қатлами юпқароқ тупроқларда яхоб бериш экиш олдидан ўтказилади. Яъни ерни экишга тайёрлашдан олдин суғорилади. Яхоб текис ерларда марза олиниб, нишабли ерларда айланма ёки дандана ариқ солиб берилади. Яхоб нормаси турлича бўлади: тагзамини қум, шағал бўлган 0,5-1 м қалинликдаги тупроқларда 1000-1800 м3/га, қалин автоморф тупроқларда 2500 м3/га гача боради.
Яхоб бериш жараёни маромига етказиб бажарилганда ва тупроқ нормал даражада етилгандан сўнг, ерга ўз вақтида ишлов берилган ҳолда экин экилганда, ўсимликнинг дастлабки ўсув давридаги ортиқча суғориш ишларининг олди олинади. Бу билан бегона ўтларнинг кўпайиб кетиши ва ортиқча меҳнат талаби камаяди. Сабаби яхши яхоб берилмасдан ишланган ерга экин экилганда тупроқ намлиги тезда камайиб ўсимликнинг сувга бўлган талаби тезда сезилади ва ерни суғоришга тўғри келади. Натижада, бегона ўтлар кўпайиб уларга қарши чора кўриш ва ерни юмшатиш, чопиқ қилиш ишларини қўшимча тарзда бажаришга тўғри келади.
Наманган вилояти Ўсимликлар карантин ва химояси бошкармаси: Ахмаджанов Шохизамон
Жураева Мамлакат




