Иссиқхонада помидор ёки бодринг етиштириш бўйича тавсиялар

 Аҳолини йилнинг кеч куз, қиш ва эрта баҳор ойларида сабзавот маҳсулотлари билан таъминлашда ҳимояланган майдон, яъни иссиқхона сабзавотчилиги муҳим аҳамиятга эга.

Қишки-баҳорги мавсумда помидор кўчатларини етиштириш учун катталиги 10х10 см бўлган кассета, торф ёки полимер тувакчалардан фойдаланилади. Кўчатларни тайёрлашга декабрнинг биринчи ўн кунлигидан киришилади. Ҳозирда помидор кўчатларини макро ва микроўғитлар билан тўйинтирилган торфда етиштириш яхши натижа бермоқда.

Бунда минерал ўғитлардан фойдаланмаса ҳам бўлади. Бир текис ва тўлиқ кўчат олиш учун экиладиган уруғликлар сифати I синфдан паст бўлмаслиги, далада униш даражаси 90% ва ундан юқорироқ, униб чиқиш кучи ҳам юқори даражада бўлиши талаб этилади. Ҳар бир тувакчага 1–2 тадан уруғ экилади. Уруғлар униб чиққандан кейин 16–20 кун ўтгач, тувакчалар ёйиб қўйилади. Бунда ҳар 1 м жойга 250–300 тупдан кўчат жойлаштирилади.

Кўчатлар ёруғликдан яхши баҳраманд бўлиши учун шундай қилинади. Касалланган, шикастланган, нимжон кўчатларнинг ўрнига экиладиган кўчатларни (15–20%) олдиндан захира қилиб қолдириш зарур. Кўчатларни суғоришда жуда эҳтиёт бўлиш лозим, уларни ўта намланиб кетиши ёки тупроғи қуриб қолишига йўл қўймаслик керак, ҳаво очиқ кунлари эрталаб суғориш ишлари бажарилгани маъқул. Юқори сифатли кўчатнинг 8–9 тадан барги бўлиб, баландлиги 18–20 см, новдасининг қалинлиги эса 0,8–1,0 см бўлиши керак. Кўчатларни парваришлаш даврида улар орасидаги касалланганлари, ўсишдан жуда орқада қолган, нозик кўчатларни чиқитга чиқариб, олиб ташланади.

 Помидор ўсимликлари ташқи муҳит шароитларига жуда сезгир хусусиятга эга бўлиб, уларни бу хусусияти ўсимликларда гулшода пайдо бўлиши даврида яққол намоён бўлади. Ниҳолларда биринчи иккита чин барг пайдо бўлиши ва уларни дастлабки ўсув даврида ҳаво ҳарорати кундузи 13–16°С гача, кечаси 11–13°С гача пасайтирилиши, айниқса, эртаги навларда биринчи гулшодасидаги мева сонини кўп бўлиши натижасида ҳосилдорликни юқори бўлишини таъмин этади. Кейинчалик ҳаво ҳароратини очиқ кунларда 20–24°С, булутли кунларда 18–19°С, кечаси эса 16–17°С атрофида сақлаш лозим бўлади. Ҳавонинг нисбий намлиги эса 60–70 фоиз атрофида сақланиши лозим.

 

 

 

 

 

Наманган вилояти Ўсимликлар карантин ва химояси бошкармасиНаманган туман инспекторлари:Жураева Мамлакат

Кодиров Гуломжон