Таҳсил олаётган талабаларга таълим кредити бериш тартиби ҳақида хабардормисиз?
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом қабул қилинди.
Мазкур Низомга кўра таълим кредитларини бериш тижорат банклари томонидан уларнинг қайтарилиши, тўловлилиги, муддатлилиги ва улардан мақсадли фойдаланиш шартлари асосида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади.
Таълим кредитлари тижорат банклари томонидан олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислигига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга берилади.
Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин бўлади.
Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади.
Таълим кредитини олувчи таълим кредитини олиш учун Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.
Тижорат банклари кредит олувчи томонидан таълим кредити беришни сўраб банкка тақдим қилинган ариза ва унга илова қилинган барча ҳужжатларни беш иш куни мобайнида кўриб чиқиши ва таълим кредити шартномасини имзолаши ёки кредит беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, аризачига кредит беришнинг рад этилиши сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати бериши лозим.
Таълим кредити тижорат банклари томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида ажратилади.
Янги Наманган тумани
юридик хизмат кўрсатиш
маркази бош юрисконсулти Раҳмонжонов Отабек




