Лимон етиштириш бўйича тавсиялар

Цитрус ўсимликлари нормал ўсиб ривожланиши ва мўл ҳосил бериши учун 4000°C дан ортиқ фойдали ҳарорат йиғиндисини талаб қилади. Илмий-тадқиқотлар ва илғор хўжаликлар тажрибаси шуни кўрсатдики, суғориладиган ҳудудда лимоннинг “меер” навидан сифатли, мўл ва мунтазам ҳосил олинмоқда.

Бу нав бўйи нисбатан кичиклиги ва эрта ҳосил бера бошлаши билан бошқалардан ажралиб туради. Кўчати ўтқазилганидан 2 йилдан сўнг ҳосилга киради. Маҳаллий шароитга кўпроқ мослашган, бироқ совуққа чидамли бўлмаганлиги боис иссиқхоналарда ўстирилмоқда.

Яхши парвариш қилинганда ҳар тупидан 400-500 тагача лимон мевасини олиш мумкин. Иссиқхоналарда суткалик ўртача ҳарорат 10°C дан юқори бўлганида лимон новдаси ўса бошлайди. Суткалик ўртача ҳарорат 16-18°C га етганида лимон қийғос ғунчалайди, 18-22°C да эса гуллайди.

Лимон ўз-ўзидан ва четдан чангланадиган ўсимлик. Четдан чангланиши асаларилар ёрдамида ўтади, бу тугунчаларининг кўпроқ ҳосил бўлишига ёрдам беради. Ўсиш ва шаклланиш даврида (апрел-май) 20-25°C қулай ҳарорат ва ҳавонинг нисбий намлиги 70-80% бўлганида фойдали гуллаши 22-25% га етади.

Ҳаво қуруқлиги ва ҳароратнинг кескин кўтарилиши тугунларнинг кўплаб тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин. Лимон етиштириш учун тупроқ шароити муҳим аҳамиятга эга. Сизот сувлар яқин шўр ерларда ва структураси соз тупроқларда ўса олмайди. Зичлиги ўртача қумоқ тупроқли ерлар ва сув, ҳаво ўтказувчанлиги енгил тупроқларда яхши ўсади.

Иссиқхоналар лимон кўчатларини экишдан олдин тупроқ текисланиб, гектарига 60-80 т чириган гўнг, 600 кг суперфосфат ҳамда 150 кг калий ўғитлари солиниб, 50-60 см чуқурликда ер ҳайдалади.

Кўчати 4×3 м схемада экилади. Кўчатларни экиш пайтида ҳар бир чуқурга 10-15 кг чириган гўнг, 100-150 г суперфосфат ва 50 г калийли ўғитлар тупроқ билан аралаштириб солинади. Бир ёшли ўсимликларда 3-4 та биринчи тартиб пишган новдалари ва танасининг йўғонлиги 0,7-0,8 см бўлиши керак.

Икки ёшли кўчатда иккинчи тартибдаги новдалар, танасининг йўғонлиги эса камида 1 см бўлиши лозим. Кузги лимон кўчати илдизига ёпишган тупроғи билан экилади. Акс ҳолда ўсимликнинг бир қисми нобуд бўлади. Кўчатни ўтқазишдан олдин боғ қайчи билан охирги ўсиш даражасининг учдан бир қисми, шунингдек ортиқча новдалари, илдизнинг цинган қисми кесиб ташланади.

Кўчат ўтқазилганда кўчатларнинг илдиз бўғзи тупроқ сатҳидан 2-3 см юқорида бўлиши керак. Кўчат ўтказилгандан сўнг атрофидаги тупроқ зичланади ва бир челакдан сув қуйилади. Сўнгра ҳар бир қаторнинг иккала томонидан туплар танасидан 25-30 см масофада олинган эгатлар бўйлаб суғорилади.

Кўчатлар чуқурлиги 15-20 см ли қилиб олинган ариқлардан жилдиратиб тупроқ 40-50 см чуқурлигида намлангунича суғорилади. Тупроқ вегетация давомида доимо нам ҳолатда бўлиши керак. Учинчи йилда суғориш эгатлари ўсимлик танасидан 50 см узоқликка кўчирилиб, 30-40 см гача чуқурлаштирилади. Цитрус ўсимликлари нормал ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг оптимал намлиги 70-85% ни ташкил этиши керак.

Суғоришлар бўлиб-бўлиб (мавсумда 25 мартагача) ўтказилади. Уларнинг миқдори об-ҳаво ва ўсимлик ҳолатига қараб белгиланади. Қишда иссиқхоналарда тупроққа гўнг ва суперфосфат солиниб 25-30 см чуқурликда ишлов берилади. Тупроққа ишлов беришда ўсимликнинг 15-35 см чуқурликкача етган илдиз системасини шикастламаслик учун эҳтиётлик билан иш кўрилади.

 

 

 

 

Наманган вилояти Ўсимликлар карантин ва химояси бошкармаси                                                                  Наманган туман инспекторлари:                                               Усмонова Эхтибор

КодировГуломжон