Савол беринг жавоб берамиз!
1.Савол:Интизомий жазолар кетма-кетликда қўлланилиши шартми?
Жавоб:Ҳақиқатдан кўпчиликда интизомий жазолар кетма-кет қўлланилиши шарт деган нотўғри қараш бор. Яъни биринчи марта интизомий қилмиш содир қилган шахсга ҳайфсан, сўнг жарима ва ниҳоят меҳнат шартномасини бекор қилиш.
Интизомий жазоларни кетма-кет қўллаш шарт эмас. Интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олиниб, исталган турдаги интизомий жазодан бирини қўллаш мумкин.
Наманган туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти Исмоилов Муҳаммад Бобур
2.Савол:Интизомий жазо қўлланилишидан аввал хизмат текшируви ўтказиш, тушунтириш хати ва тилхат олиш шартми?
Жавоб:Ҳар қандай ҳолатда иш берувчи интизомий жазо қўлланилишидан аввал хизмат текшируви ўтказишга мажбур эмас. Меҳнат Кодекси 303-моддасига кўра, хизмат текшируви ўтказиш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.
Меҳнат Кодексининг 344-моддасига кўра, муайян ходимлар томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишдан олдин иш берувчи етказилган зарарнинг миқдорини ва унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш Меҳнат Кодексининг 302 — 311-моддаларида назарда тутилган тартибда хизмат текшируви ўтказиши шарт.
Наманган туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсультиМирзаахмедов Шерзод
3.Савол:Интизомий жазони олиб ташлаш учун 6 ой ўтиши керакми?
Жавоб:Иш берувчи интизомий жазони ўз ташаббусига кўра, ходимнинг бевосита раҳбарининг, касаба уюшмаси қўмитасининг илтимосномасига, шунингдек ходимнинг илтимосига кўра, бир йил ўтгунига қадар муддатидан олдин олиб ташлаш ҳуқуқига эга. Интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади (Меҳнат Кодекси 315-моддаси).
Демак, интизомий жазони олиб ташлаш учун маълум бир муддат, масалан 3 ёки 6 ой белгиланмаган. Агар иш берувчи истаса жазони исталган вақтда олиб ташлаши мумкин. Бунинг учун ходим қайдайдир ютуқ ёки натижаларга эришиши шарт эмас.
Наманган туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Тўрабойев Бекмирза
4.Савол Интизомий жазо устидан қанча муддатда шикоят қилиш мумкин?
Жавоб:Интизомий жазо устидан судга шикоят қилиш учун қуйидаги муддатлар белгиланган:
Ҳайфсан ва жарима устидан ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 6 ой;
Меҳнат шартномасини бекор қилиш (Меҳнат Кодекси 161-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандлари) юзасидан эса ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан 3 ой.
Наманган туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Холбоев Акмалжон




