Савол беринг жавоб берамиз!

 

1.Савол: Ходим ҳар йилги меҳнат таътилини қисмларга бўлиш бўйича ариза билан мурожаат қилди. Иш берувчи ҳодим аризасини қаноатлантириши шартми?

Жавоб: Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Демак, иш берувчи ходимни аризасини рад қилишга ҳақли.

Ўз навбатида иш берувчи ҳам ходимдан ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиб фойдаланишни талаб қила олмайди.

Демак, ҳар йилги меҳнат таътилини қисмларга бўлишда ҳар икки тарафнинг яъни ходимнинг ҳам, иш берувчининг ҳам розилиги керак.

Наманган туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсульти Исмоилов Муҳаммад Бобур

2.Савол: Ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътили давомийлиги 21 календар кун. Ходим иш йили давомида ушбу таътилини 7 календар кундан 3 қисмга бўлиб фойдаланса бўладими?

Жавоб: Йўқ, мумкин эмас. Чунки таътилнинг ҳеч бўлмаганда яхлит бир қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Демак, бу ҳолатда таътилнинг исталган бир қисми камида ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак, қолган етти календарь кунни эса ходим иш берувчи билан келишган ҳолда, бир кундан қисмларга бўлиб етти марта олиши ҳам мумкин.

Наманган туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсультиМирзаахмедов Шерзод

3.Савол: Ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътили давомийлиги 36 календар кун. Ходим иш йили давомида ушбу таътилининг 12 календар кун қисмини олиб, қолган тўлиқ 24 кунини шу иш йилида фойдаланса бўладими?

Жавоб: Ҳа, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра мумкин. Мана шу ўринда, кўпчилик таътилнинг биринчи қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак деб хато ўйлайдилар.

МК 231-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилининг биринчи қисми эмас, таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми дейилган. Яъни таътилнинг исталган бир қисми (биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳоказо) ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Наманган туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Тўрабоев Бекмирза

4.Савол: Ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлинганда ҳақ тўлаш қандай амалга оширилади?

Жавоб:МК 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда, бироқ таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Наманган туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Холбоев Акмалжон