Иссиқхонада етиштирилаётган помидор кўчатларининг мева тугишини яхшилаш бўйича тавсиялар

Ҳимояланган ерда помидордан юқори ҳосил олишнинг муҳим шароитлари мева ҳосил қилиш қувватининг юқори бўлиши ёки гул куртаклари сонидан ҳосил бўлган меваларининг фоизи ҳисобланади. Меваларнинг суст ҳосил бўлиши, гулларининг тўлиқ ривожланмаганлиги, бепуштлиги ёки гул чангларининг чанглана олиш қобилятининг пастлиги билан боғлиқдир. Бу, кўпчилик ҳолларда ёруғликни етишмаслиги ва қизиб кетиши, азот билан ортиқча озиқлантириш, ҳавонинг нисбий намлигининг 50% дан пасайиб кетиши натижасида бўлади. Экстремаль шароитда чангланмаганлиги сабабли майда, ичи бўш мевалар ҳосил бўлади. Кўпчилик ижобий кўрсаткичлар навга ҳам боғлиқ. Кам уяли (2-4 уяли) ва нисбатан майда мевали нав ва дурагайларда чангланиш яхши бўлади, чунки улардан чанглатувчи гул чанглари кўп ҳосил бўлади.

Мураккаб гулли, кўп уяли, йирик мевали нав ва дурагайлар, айниқса, ёруғлик етишмайдиган шароитда, аксинча чанглатиш қобилияти паст гул чангларини ҳосил қилиши билан фарқланади. Чангланиш бу навларда бир хил бўлмаганлиги сабабли шакли ўзгарган мевалар ҳосил бўлишига олиб келади. Уларда меваларни яхши ҳосил бўлиши микроиқлим ва минерал озиқлантириш мақбул меъёрда сақланиб турилганда содир бўлади. Гул чанглари яхши тўкилиб, гул тумшуқчасига тушишини таъминлаш учун гул ва ўсимлик электр тебратгичлар ёрдамида ёки сим бағазга ёғоч билан уриб тебратилади. Бу – ҳафта мобайнида уч маротаба эрталаб, аммо ҳавонинг нисбий намлиги камайган ва гул чанглар яхши сочилувчан бўлган пайтда ўтказилади. Мева ҳосил бўлишини яхшилаш учун мева ўсишини ва ҳосил бўлишини тезлаштирадиган ўсишни бошқарувчи моддалар қўлланилади (ТУ, ДУ, парафен, томатон ва бошқалар). Ўсишни бошқарувчи моддалар билан ишлов берилганда уруғсиз мевалар шаклланади, уларда гултож барглари қуриб тушмайди, тирик қолиб ривожланади, бу ўз навбатида меваларнинг кулранг чириш билан зарарланишига олиб келади. Ўсишни бошқарувчи моддалар билан ишлов бериш натижасида ҳосил бўлган уруғсиз мевалар чўзиқ тумшуқчалилиги билан ажралиб туради. Ҳозирги вақтда помидор меваларини тутишини яхшилаш учун ўсишни бошқарувчи моддалардан ташқари ари (шмель) уяларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Улар шингилдаги гулларни чангланишини яхшилаб, тутган мевалар сони кўпайишига олиб келади. Юқорида келтирилган тадбирлардан ташқари ўтувчан даврда ўсимликларни қатор оралари 2-3 марта юмшатилади, касаллик ва зараркунандаларга қарши чора-тадбирлар ўтказилади. Бунинг учун турли профилактик, ташкилий-хўжалик, агротехник, кимёвий ва биологик тадбирлар қўлланилади.

 

 

Наманган вилояти Ўсимликлар карантин ва химояси бошкармаси                                                                  Наманган туман инспекторлари:                                                             Усмонова Эхтибор

                                                                                                                          Кодиров Гуломжон