Мактабларда янги ўқув йили бошланди. Биринчи синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди

4 сентябрь куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида биринчи қўнғироқ чалиниб, янги ўқув йили бошланди. Бир неча минглаб болалар илк марта мактаб остонасига қадам қўйиб, биринчи синфга қабул қилиндилар.

Бугун Наманган туманидаги 36 та умумтаълим мактабларида ҳам биринчи қўнғироқ садолари жаранглади. 3744 нафар ўғил-қизлар мактаб остонасига илк қадам қўйиб, 1-синфга қабул қилиндилар. Жумладан, 13-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда Наманган туман ҳокими  Садритдин Мўминов, МФЙ раислари, ота-оналар, фахрий устозлар иштирок этиб, биринчи синфга қабул қилинган ўқувчиларга Президент совғаларини топширдилар.

Ўқувчиларга Ватанни севиш, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг муқаддас бурчига айланиши, ёшлар мамлакат тараққиётининг эртанги келажаги, бугунги ислоҳотларнинг хақиқий давомчилари бўлишлари лозимлиги, бу мақсадларга эришиш учун эса албатта ўқувчилар кучли билимга эга бўлиши, юксак одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлигини алоҳида таъкидланди.