Инвестиция - қишлоқ хўжалигини тараққий эттирувчи бош омилиЎзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги билан яқиндан танишиш мақсадида амалий ташриф билан Наманган вилоятида бўлиб турибди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида ташкил этилган йиғилишда вазирлик масъуллари, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиқлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари, соҳага алоқадор шахслар иштирок этди.
Вилоятнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни ўзлаштириш, экспорт, ер ўзлаштириш, аҳоли ва ёшларга ер ажратиш, ғалла парвариши, чигит экиш, янги боғ-токзорларни барпо этиш ва бошқа масалалар бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида амалга ошириш режалаштирилган вазифалар ва эришиладиган кўрсаткичлар тақдимоти билан бошланган йиғилишда вазир Иброҳим Абдураҳмонов энг аввало бу каби рақамлар ҳисоботни виждонан ёндашилган ҳолдаги акс эттирилган бўлиши лозимлиги қайд этди.
Бинобарин, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли ва ёшлар бандлигини таъминлаш, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатган ҳамда белгиланган режани ортиғи билан бажарган туман агросаноат раҳбарларини рағбатлантириш бўйича топшириқ берилди.
Бунда энг асосийси, ҳар бир раҳбар бугун вилоятда маҳсулот ишлаб чиқариш билан биргаликда хорижга нима экспорт қила олади, қандай янги инвестиция жалб қилиш мумкин, ҳар бир қарич ерда унумли фойдаланиляптими, ёшларга қандай шароитлар яратилмоқда, уларга қулай шароит яратиб бериляптими каби саволларга жавоб бера олиши ва ишга масъулият билан ёндашиши лозимлиги қайд этилди.




