Бу тадбир қандай мақсадларга хизмат қилади?

Энг аввало, рўйхатга олиш мамлакат аҳолисининг аниқ сонини, таркиби ва яшаш шароити ҳақидаги маълумотларни билиш имконини беради. Асосийси, бу натижаларни умумлашган, яъни шахссизлантирилган кўринишда турли жадвалларда акс эттириш ва улардан нафақат бутун мамлакат, балки аҳолининг турли тоифалари ҳамда ҳудудлар бўйича ҳам таҳлил қилишда фойдаланиш мумкин. Бунда аҳоли сони, оилавий аҳволи, маълумоти, касби, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, бандлиги ва ишсизлиги, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳалар бўйича батафсил маълумот тўпланади. Ушбу маълумотлар аҳолининг истиқболдаги ҳисоб-китоблари ва яқин йилларда мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг устувор йўналишларини белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилади. - Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғиладиган маълумотлар, ўз навбатида, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш, таълим бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқиш имкониятини кенгайтиради. Айни чоғда улар аҳоли пунктлари инфратузилмасини яхшилаш, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дас- турларни ишлаб чиқишда ҳам ниҳоятда қўл келади. Масалан, одамларнинг бир жойдан иккинчи жойга иш топиш ёки бошқа мақсадларда кўчиб юриши, бандлиги ва касби тўғрисидаги маълумотлар бутун мамлакат ёки унинг муайян ҳудудида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришни режалаштириш имконини беради.