ХАЗОНЛАРНИ ЁҚМАНГ
Атмосфера-ер куррасини ўраб олган ҳаво қатламидир. Атмосфера ернинг ҳимоя қатлами бўлиб, тирик организмларларни турли ултрабинафша нурлар ва зарарли зарралардан сақлайди. Атмосфера–ер ва бошқа фазовий жисмларнинг газсимон қобиғи бўлиб, ер юзасида асосан азот (78,08 фоиз), кислород (20,95 фоиз), аргон (0,93 фоиз), сув буғи (0,2-2,6 фоиз), карбонат ангидрид газидан (0,03 фоиз) иборат.
Бир тонна барг хазони ёқилганда, 30 килограмм углеводород оксиди атмосфера ҳавосини зарарлайди. Баъзан ғалладан бўшаган майдонларга ўт қўйиш, барг хазонларни тўплаб ёқиш ҳолатларига дуч келамиз. Ундан чиқаётган тутун ҳам тоза ҳавони булғаётгани, ҳам соғлигимизга жиддий зарар етказаётгани ҳақида ўйламаймиз.
Шифокорларнинг маълумотига кўра, бундай ҳаводан нафас олган одамда нафас йўллари, қон-томир касалликлари пайдо бўлиб, тўқималар фаолияти бузилади. Бундан ташқари, ошқозон-ичак ва аллергик хасталиклар ҳам кўпаяди. Кўпчилигимиз айрим маҳаллалардаги мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, аҳоли ҳонадонлари атрофида тўпланган хазонларни ёқаётган одамларни кўрсакда, уларга бефарқ ўтиб кетамиз. Аслида улар сиз-у бизнинг азиз фарзандларимиз нафас олаётган ҳавони заҳарлашаётганига эътибор қаратмаймиз.
Ёнган барглар тутунидан, айниқса, ёш болаларимиз организми тез ва осон заҳарланади. Бўлим ҳодимлари томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилмоқда. Бироқ, бунда барчамиз фаол иштирок этишимиз ҳамда ҳазонлар ёқилишига қарши тенг курашишимиз зарур.
Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 88-моддаси 3-қисмига асосан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун, яъни, далаларда сомон, хазон ва шох-шаббалар ёки ўсимлик қолдиқларини ёқиб юбориш орқали атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантирганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробаридан беш баробаригача, мансабдор шахсларга эса беш баробаридан ўн баробаригача жарима солиниши белгиланган.
Шундай экан, она табиатга зарар етказмасдан атроф-муҳит мусаффолигини, табиатни асл ҳолича сақлаб, келгуси авлодга соф ҳолда етказишда ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик.




