Маънавият маскани – ақл ва эзгулик маркази
Наманган туманида замонавий ва барча қулайликларга эга Маънавият маскани фойдаланишга топширилди.
Кенг жамоатчилик, нуронийлар ва ёшлар, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирок этган тантанали маросимда сўз олган Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бошқармаси раҳбари Мусохон Аппақов, туман ҳокимининг ўринбосари Омонхон Саидазимов ва сектор раҳбарлари ушбу маскан ўзига хос ижодий, ақл марказларига айланиши, ранг-баранг тадбирлар, лойиҳалар амалга ошириладиган, зиёли инсонлар қадами аримайдиган жой бўлиши лозимлигини айтиб ўтишди.
Очилиш маросими давомида ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган бадиий саҳна кўринишлари ҳамда масканда ўтказилган “Заковат” интеллектуал турнири тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбирда бир қатор фаоллар, ташаббускор ёшлар, танлов ғолиблари Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Туманда фойдаланишга топширилган ушбу “Маънавият маскани”да кутубхона, конференциялар зали, "Заковат" интеллектуал клуби, тадбирлар зали ва ходимлар учун хоналар мавжуд.




