“Олахамак” МФЙда касб-ҳунарга ўқитиш маркази фойдаланишга топширилди

Марказни очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков, туман ҳокими Садритдин Мўминов ҳамда туман сектор раҳбарлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида Наманган касб-ҳунарга ўқитиш марказини реконструкция ишларини амалга ошириш учун 12 млрд. 700 млн. сўм маблағ сарфланди. Мономарказда 17 та касб йўналиши бўйича ўқитиш тизими йўлга қўйилган.

Марказни Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ҳамда Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ташаббуси кўмаги билан ташкил этилди. Амалиётга асосий эътибор қаратилган ушбу ўқув марказида бир вақтда 648 нафар ишсиз фуқарони касбга ўқитиш имконияти мавжуд. Ўқувчилар 3 ойлик курсларда касбий таълим олишади. Ногиронлиги бўлган ўқувчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари миқдорида стипендия ҳам берилади.

Вилоятимизда ҳам хорижга ишлашга кетишдан олдин фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро сертификатлар олишга кўмаклашиш борасида бугунги фойдаланишга топширилаётган мактаб ҳам катта аҳамият касб этиши шубҳасиз.