Наманган туманида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида тарғибот тадбирлари давом эттирилди Наманган туманида маҳалла ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлашга бағишланган тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Наманган туманида жойлашган Тепақўрғон маданият марказида “Жаҳолатга қарши маърифат билан” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди. Тадбирда Тепақўрғон маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги маҳалла аҳолиси вакиллари ҳамда масалага таълуқли тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.
Бугунги кунда дунё мамлакатлари ўртасида ўзаро интеграциялашув жараёнлари, халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-ахлоқий тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб боришга тайёрлашни барча таълим муассасалари, оила, маҳалла ва жамоатчилик ўзининг асосий вазифаси сифатида белгилаб олиши зарурлиги, бундай шароитда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги котибият мудири Муроджон Абдуразақов, туман ҳокимининг ўринбосари Омонжон Саидазимов, хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тумандаги вакили, туман бош имом-ҳатиби Пахриддин Юсуповлар қатнашдилар.




