Ёшларга эътибор - келажакка эътибор

Юртимизда ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этишнинг доимий молиявий манбалари ва улардан фойдаланиш тартиби белгилаб берилган. Наманган туманида ҳам бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг тавсияси асосида 110 нафар ёшларга “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағлар бугун ўз эгаларига тақсимлаб берилди. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 32 нафар талаба-ёшларнинг тўлов контракт пуллари қоплаб берилган бўлса, 1 нафарига ўқув курсларида касб-ҳунар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиш харажатларини қоплаб бериш учун ваучерлар торширилди. 11 нафар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари билан таъминланган бўлса, яна 66 нафар ёшларга бошқа турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Бугун Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Баҳтиёр Мирзатов, Наманган тумани ҳокими Садритдин Мўминов ва сектор раҳбарлари томонидан туман ҳокимлгининг мажлислар залида “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ёрдам олган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.