Конституция - мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий кафолати
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида ўзига хос воқеалик десак хато бўлмайди. Яъни мамлакатимиз тараққиётидаги барча ўзгариш, янгиланиш ва ютуқлар замирида мана шу асосий Қонунимиз ётади.
Шунинг учун ҳам ҳар йили юртимизда ушбу сана кенг нишонланади, бахтиёр ҳаётимиз кафолати сифатида байрам қилинади. Наманган туманидаги маданият марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.
Унда тумандаги сектор раҳбарлари, ташкилот, корхона, муассасалар мутасаддилари, ўқув муассасалари директорлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этдилар.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижроси билан бошланди.
Наманган туман ҳокими Садритдин Мўминов тадбир иштирокчиларини, улар тимсолида туманимиз аҳлини Бош қомусимиз қабул қилинганининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ҳаётимизда тутган ўрни, мазмун-моҳияти ҳақида маърузалар тингланди.
Туманимиз санъаткорлари ва ёш ижрочиларнинг намойиш этилган катта концерт дастури барчага байрамона кайфият бағишлади.




