Наманган туманида ғалла экиш мавсуми олдидан семинар ўтказилди

Наманган туманида жойлашган «Туркистон» ММТП ҳудудидаги «Жавоҳир кўклам дурдонаси» фемер хўжалигида 2023 йил ҳосили учун ғалла экиш мавсумига тайёргарлик ва ғўза дефолиацияни сифатли ўтказиш бўйича амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Анваржон Хакимов, туман ҳокими Садриддин Мўминов, ММТП раислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда қишлоқ хўжалигига дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Даставвал, ғалла экишга киришиш олдидан майдон бошида эҳсон учун қўй сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Семинарда туман ҳокими сўзга чиқиб, келгуси йил ҳосили учун донни эрта экишнинг афзалликлари, ғўза дефолациясини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш пахта ҳосилдорлигида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Маълумот учун, бу йил Наманган туманида жами 5065 гектар ер майдонига ғалла уруғи экилиши режалаштирилган бўлиб, 40 875 тонна дон етиштириш кўзда тутилган ҳамда 16 000 тонна ғаллани давлатга сотиш белгиланган.