Лойиҳалаш ва қурилиш ишлари бўйича янги тизим — «Шаффоф қурилиш» юзасидан семинар ўтказилди

Наманган тумани ҳокимлиги мажлислар залида қурилиш тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва келгусидаги режалар муҳокамасига бағишланган семинар ўтказилди.

Наманган вилоят қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ташкилланган ушбу семинарда туманда фаолият олиб бораётган қурувчилар, теҳнадзорлар ва қурилиш соҳасига алоқадор бошқа ташкилотлар иштирок этди.

Ушбу семинарда келгусида қурилиш ишларини олиб бориш бўйича янгиланган йўналишлар бўйича тушунтиришлар олиб борилди ва соҳада коррупция ҳолатларининг олдини олиш борасидаги ишлар бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, қурилишларда шаҳарсозлик талаблари ва қурилиш меъёрларини бажарилиши ҳамда сифат даражасини таъминлаш бўйича “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими асосида иш ташкил этилмоқда. Қурилиш объектларида инспекция томонидан мониторинг жараёнлари ушбу тизим доирасида онлайн режимида амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида текширишлар жараёнларининг шаффофлигини таъминлашга ҳамда тизимда коррупция ҳолатларини олдини олишга хизмат қилмоқда.

Маълумот учун, жорий йилда туманда 6 та объектда қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади. Умумий қиймати 37 240 млн сўмлик объектлар қурилиши учун 12 та буюртмачи ташкилот белгиланди.