Оила ва хотин-қизлар бўлими фаолияти таҳлил этилди

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар Давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Наманган туманида қўмитанинг қуйи тизими фаолияти таҳлилига бағишланган учрашув ўтказди.

Унда туман ҳокими Садритдин Мўминов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Динара Якубова, вилоятдаги 50 нафар тарғиботчи аёллар, ҳамкор ташкилотлар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари - Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари иштирок этди.

Мулоқот давомида тизимнинг ўтган 6 ойлик кўрсатгичлари муҳокама қилинди, бу бўйича вилоят ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Динора Якубова ҳисобот берди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 6 ойида жами 10 минг 311 нафар ишсиз хотин-қизлар мавжуд бўлиб, уларни бандлигини таъминлаш борасида етарли ишлар ташкил этилмаган. Натижада, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминлаш кўрсаткичлари қишлоқ хўжалиги соҳаларида 53,1 фоизга, кооперацияларга жалб этиш эса 89,5 фоизга бажарилган. 2022 йилнинг 6 ойи таҳлиллари натижасида тадбиркорликка жалб этилган хотин-қизлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 425 тага ошган бўлиб, 5 минг 80 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредитлар ажратилган.

Шунингдек, оилаларда ижтимоий – маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар орасида салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ишлар тизимли ташкил этилмаганлиги оқибатида оилавий ажримлар сони кўпайгани , хотин-қизлар жиноятчилигини олдини олиш борасидаги профилактик ишлар тизимли ташкил этилмагани боис жиноятларда аёлларнинг улуши кескин равишда ортгани танқид қилинди.

Учрашув якунида юқоридаги камчиликларни бартараф этиш бўйича зарурий топшириқлар берилди.