“Кексалар дуосини олайлик” хайрия акцияси
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Нуроний ота-оналаримиз – фахримиз” гранти лойиҳаси доирасида Рамазон ҳайити муносабати билан тумандаги Ўлмас маҳалла фуқаролар йиғинидаги 5-сонли умумтаълим мактабида “Кексалар дуосини олайлик”, деб номланган хайрия акцияси ўтказилди. Унда 30 нафар мазкур маҳаллада истиқомад қилувчи нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар вакилларига грант маблағлари ҳисобидан олиб келинган ҳасса, танометр, термос, радиоприёмник, момиқ сочиқлар, тарғибот буклетлари топширилди.
Ушбу тадбирда сўзга чиққан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Наманган ҳудудий филиали директори Хайрулло Ортиқов, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи Дилбар Ҳошимова мамлакатимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган юксак эътибор, “1+10” тамойили асосида бир нафар нуронийга ўн нафар ёшларнинг бириктирилганлиги, отахон ва онахонларимизнинг бой ҳаётий тажрибасини улар қалбига сингдириш ҳақида батафсил тўхталдилар. Акция ишида туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими ходимлари ҳам иштирок этишди.
Рамазон ҳайити арафасида туман ҳокимлиги, “Саховат ва кўмак” жамғармаси, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш туман бўлими томонидан Ўлмас маҳалласидаги эҳтиёжманд оилаларда яшовчи 40 нафардан зиёд фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Кўрсатилаётган бундай эътибор учун аҳоли вакиллари тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.




