Ғалаба муборак, Наманган тумани пахтакорлари!

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланган ушбу йилда туманимиз пахтакорлари катта меҳнат муваффақиятини қўлга киритиб, йиллик шартномавий режани ортиғи билан бажардилар. “Тошбулоқ текс” МЧЖнинг кластер пахта қабул қилиш масканига 20350 тоннадан зиёд пахта хом-ашёсини топширдилар. Ҳар гектар ер ҳосилдорлиги 36,7 центнерданни ташкил этди. Ана шу ҳосилнинг 17674 тоннаси биринчи навларга сотилди.

Барча соҳаларда бўлгани каби қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, янгича тизим, айниқса ғалла ва пахта етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиб, ушбу маҳсулотларни бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтилганлиги, кластер ва фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ютуқларимизнинг муҳим омили бўлмоқда.

Фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш, маҳсулот етиштиришда уларга берилган кенг имконият ва эркинликлар тармоқ ходимларини янада ғайрат-шижоат кўрсатиб меҳнат қилишга руҳлантирди. Натижада бу йилги мавсумда “Шўрқўрғон эзгу мақсад” ММТПдаги “Уста Қурбон” фермер хўжалиги вилоятимизда, “Навбаҳор-ҳосилдор” ММТПга қарашли фермер хўжаликларининг барчаси туманда биринчи бўлиб шартнома режасини бажаришга муваффақ бўлдилар. Мазкур ҳудуддаги “Навбаҳор намунаси”, “Нортожи”, “Валижон Жабборов”, “Шамс қамар ёғдуси”, “Зулфия”, “Тараққиёт”, “Навбаҳор олтин толаси”, “Улуғ ният юлдузи”, “Қирғизбоев Муҳаммадали Турсунович”, “Тепақўрғон–ЛХС” фермер хўжаликларида ҳар гектар пахта майдонидан 43-50 центнердан ҳосил йиғиштириб олинди.

Эрта баҳорда 5550 гектар майдонга пахтанинг юқори ҳосилли ва эрта пишар чигит навлари жойлаштирилиб, тўла гектарлар яратилиб, ғўзаларни агротехника талаблари асосида парвариш қилинганлиги, ёқилғи, минерал ўғит, сув таъминоти, иш ҳақи беришда ҳеч қандай муаммоларга йўл қўйилмаганлиги мўл ва сифатли пахта етиштиришда қўл келди. Етиштирилган пахта ҳосилини қисқа муддатларда нест-нобуд қилмай сифатли йиғиштириб олишни ташкил этиш мақсадида туман бўйича 194 та терим отряди шакллантирилди. Теримда 13,5 мингдан зиёд теримчи қалб амри, ўз ихтиёри билан уюшиб, мажбурий тарзда эмас, оилавий даромадларини яхшилаш мақсадида фаол иштирок этмоқдалар.

Туманда пахта сотиш йиллик шартномавий режаси бажарилган бўлишига қарамасдан терим қизғин давом этмоқда. Ҳали далаларимизда талайгина ҳосил бор.