Наманган туманида байрам куни 3 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилди

Бугун аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига ҳисса қўшишда маҳалла фуқаролар йиғинлари муҳим аҳамият касб этади. . Шунинг учун ҳам маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифлари чоғида “Маҳалла раиси-ислоҳотчи” деган янги ибора, яъни Наманган тажрибаси бошланди.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида- 31 август куни тумандаги 3 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилди. Жумладан, Қоракўл маҳалласида фаоллар ва аҳоли томонидан ҳашар йўли билан 300 миллион сўм маблағ сарфланиб, янги замонавий типдаги, барча қулайликларга эга бўлган фуқаролар йиғини биноси қурилди.

“Навқирон” МФЙ биноси тадбиркор Бахтиёр Зокиров томонидан 30 миллион сўм, Паст Қиёт маҳалла фуқаролар йиғини биноси хусусий тадбиркор Сардорбек Абдуллаевнинг 23 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдамлари туфайли қайтадан жорий таъмирланди.

Ҳар уччала бинонинг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Садритдин Мўминов, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари Шуҳратжон Тўхтабоев, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбари Аҳмаджон Мукаррамов, туман ҳокимининг ўринбосари-маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими бошлиғи Дилбар Ҳошимовлар сўзга чиқиб, маҳалла тизимини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотларга батафсил тўхталдилар.

Ушбу биноларни бунёд этишда иштирок этган фаоллар, ҳомийлар, қурувчиларга ўз миннатдорчиликларини билдириб, ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширдилар.