Халқ депутатлари Наманган туман Кенгашининг йигирма еттинчи сессиясида участка сайлов комиссиялари таркибига номзодларни тавсия этиш масаласи кўрилди.

Бугун, 7 сентябрь куни Халқ депутатлари Наманган туман Кенгашининг навбатдаги йигирма еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда туман Кенгаши депутатлари, секторлар раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда комиссия таркибига тавсия этилаётган номзодлар иштирок этдилар.

Сессия ишида депутатлар томонидан 2021 йил 24 октябрда Наманган туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари таркибига номзодларни тавсия этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Туманда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округини қарори билан 50 та сайлов участкаси жойлашган бинолар, сайлов участкалари бириктирилган жой манзиллари ҳақидаги қарори қабул қилиниб, матбуотда эълон қилинган.

Сайлов кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг таклифларини инобатга олган ҳолда участка сайлов комиссияси таркибига номзодлар Кенгаш муҳокамасига киритилди.

Сессия давомида депутатлар томонидан участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 6-Наманган сайлов округига тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Наманган туман ҳокимлиги ахборот хизмати.